Ўзбекистон ва БАА ўртасида юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2024 йил 27 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро доирада экстрадиция, жиноят ишларида ўзаро ёрдам, ҳаво қатнови, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки томонлама даромад солиғидан озод қилиш, фан ва техника ҳамда бошқа соҳаларда 31 та ҳужжат имзоланган.
Ушбу Битим Бирлашган Араб Амирликлари делегециясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида 2024 йил 17 сентябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган.
Ҳужжатда икки давлат ўртасидаги фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш, бир томон фуқароларини бошқа томон ҳудудида унинг фуқаролари билан бир хилдаги ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиш, фуқаролик ва иқтисодий масалаларда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ушбу томон фуқаролари учун белгиланган шартларда мурожаат қилиш ҳуқуқи билан таъминлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, икки давлат аҳолисининг фуқаролик ва иқтисодий муносабатларида вужудга келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш ва суд ҳужжатларини тан олиш каби масалаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланяпти.
Қонун лойиҳаси юзасидан маъруза қилган депутат Шоира Ражабованинг қайд этишича, мазкур Битим Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.