Ўзбекистон ва Австрия қўшма қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ва таълим дастурларини йўлга қўйишга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 3 июнь куни Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров ва Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова таркибидаги делегация Вена шаҳрида Австрия Ташқи ишлар вазирлигининг Техник кўмак кўрсатиш бошқармаси, Австрия молия вазирлиги, Австрия қишлоқ хўжалиги кластери ҳамда ушбу давлатнинг Парламентида икки томонлама учрашувлар ўтказди, Австрия иқтисодий палатасининг йиллик анжуманининг очилиш маросимида иштирок этди.
Австрия ташқи ишлар вазирлигида Австрия ривожланиш агентлигининг қишлоқ хўжалиги соҳасига молиявий-техник кўмакни ажратиш бўйича сиёсати ва тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.
Австрия иқтисодий палатасининг йиллик анжуманининг очилиш маросимида Австрия иқтисодиёт, энергетика ва туризм вазири Волфганг Хаттманнсдорфер ва Австрия иқтисодий палатаси президенти Харалд Марер билан қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Австрия томони ўз компанияларини Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга чорлади.
Ташриф давомида делегация Австрия молия вазирлигида Ўзбекистон ва Австрия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Австрия компаниялари инновацион қишлоқ хўжалиги, маҳсулотларни қайта ишлаш, чорвачилик ва аглокластерларни ташкил этиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишга тайёрликларини билдиришди. Ўзбекистонда имкониятларни ўрганиш мақсадида бизнес-миссияларни ташкил этишга келишилди.
Томонлар таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Австрия Табиий ресурслар ва ҳаёт фанлари университети (BOKU) билан қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ва академик алмашинувларни йўлга қўйишга келишилди.
Делегация шунингдек, Австрия парламенти вакиллари ва Австрия фермерлар уюшмаси раҳбарияти билан мазмунли мулоқот ўтказди. Австрия депутатларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.