Ўзбекистон ва Австрия ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Австрия ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Қурбанов Австрия Федерал иқтисодий палатаси вице-президенти Андреас Херц ҳамда Австриянинг Ўзбекистондаги элчиси Маттиас Радостич билан музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва ишбилармонлик ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати, шунингдек, уни янада кенгайтириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор аниқ ва амалий ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ўзбек мутахассислари учун Австрияда амалиёт ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ташаббус кадрлар салоҳиятини ошириш ва тажриба алмашувини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон–Австрия Қўшма ишбилармонлар кенгашини тузиш таклифи билдирилди. Ушбу платформа икки давлат тадбиркорлари учун тўғридан-тўғри мулоқот, ҳамкорлар топиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини бериши қайд этилди.
Европа бозорида миллий маҳсулотларни илгари суриш масалалари ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Жумладан, «Made in Uzbekistan» брендини тарғиб қилиш, Австрияда Ўзбекистон Савдо уйини очиш ва турли кўргазма ҳамда тақдимотлар ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада жадаллаштириш, аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.