Ўзбекистон ва Австрия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Австрия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Австрия Республикасининг Федерал молия вазири ўринбосари Андреас Райхҳардт билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон-Австрия муносабатларининг изчил ривожланиб бораётганини қайд этдилар ҳамда саноат, энергетика, инфратузилма ва технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга ўзаро манфаатдорлик билдирдилар.
Австрия ишбилармон доиралари Ўзбекистонда бир қатор истиқболли лойиҳаларда иштирок этаётгани, мамлакатимиздаги фаолиятини тобора кенгайтираётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, янги тармоқларда кооперация қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Австрия делегациясининг ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар устувор йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини батафсил кўриб чиқиш имконини бергани қайд этилди.
Шунингдек, келгуси икки томонлама тадбирларни, жумладан Венада бизнес-форум ва Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини тайёрлашга доир ташкилий масалалар муҳокама қилиниб, улар амалий ҳамкорликни янада жадаллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.