Ўзбекистон ва Арнест гуруҳи саноат кооперациясини кенгайтиришга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов “Арнест гуруҳи” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ишлаб чиқариш ва савдо соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар қўшма корхоналар ташкил этиш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари юзасидан фикр алмашдилар.
“Арнест гуруҳи” — Россиядаги аэрозол маҳсулотлари, атир-парфюмерия ва косметика воситалари, маиший кимё ҳамда алюминий қадоқловчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялардан биридир. Гуруҳ таркибига машҳур брендлар остида фаолият юритаётган замонавий ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар киради. Улар нафақат Россия, балки халқаро бозорларда ҳам фаол ишламоқда.
Томонлар юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, технологик тажриба алмашинувини чуқурлаштириш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш борасидаги лойиҳаларни ривожлантиришга қизиқишларини билдирдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва “Арнест гуруҳи” ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишув имзоланди.