Валюта курслари 11/12/2025
$1 – 12020.90
UZS – 0.15%
€1 – 13988.72
UZS – 0.01%
₽1 – 155.49
UZS – -0.76%
Қидириш
Ўзбекистон ва АҚШ соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар

Ўзбекистон ва АҚШ соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар

Ўзбекистон ва АҚШ соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров АҚШнинг юртимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жонатан Хеник бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқот аввалида давлатларимиз ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда тобора мустаҳкамланиб бораётгани, биргаликдаги лойиҳалар юртимиз тиббиётини янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Айниқса, охирги икки ой ичида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янги босқичга чиққани, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил сентябрь ва ноябрь ойларида БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси ҳамда Вашингтон шаҳрига қилган амалий ташрифлари доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтган учрашувлари ўзаро муносабатларда бутунлай янги саҳифа очганлиги алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) ҳамда бошқа нуфузли ташкилотлари билан сил ва ўпка касалликлари профилактикаси, тиббиёт муассасаларини махсус ускуналар билан жиҳозлаш, гепатит B, С ҳамда бошқа юқумли инфекцияларга қарши курашиш, санитария ва эпидемиология каби соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Таълим йўналишида тиббиёт олийгоҳларимиз ва АҚШнинг қатор билим юртлари, хусусан, Питтсбург, Олбани, Вебстер, Франклин каби университетлари ҳамда кўплаб клиникалари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган.

Учрашувда тиббий таълим, инфекцион касалликларни юқори технологиялар ёрдамида ташхислаш, тиббиёт муассасаларини бошқариш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббий суғурта каби соҳаларда янги лойиҳаларни йўлга қўйиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, АҚШ компаниялари билан биргаликда Ўзбекистонда дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, юртимиздаги шифохоналарни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида мамлакатларимиз ўртасида тиббиёт йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг