Ўзбекистон ва Amazon Kuiper сунъий йўлдош интернетини ишга тушириш масаласини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШга амалга ошираётган расмий ташрифи доирасида Amazon компаниясининг Project Kuiper лойиҳаси бўйича халқаро истеъмолчилар бизнеси директори Лиза Скалпоне билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда “Project Kuiper” тизими хизматларини жорий этиш, IТ Park орқали рақамли экотизимни ривожлантириш ҳамда юқори тезликдаги спутник интернет хизматларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу ташаббус мамлакатда замонавий интернет инфратузилмасини ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли хизматларнинг қамровини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Музокаралар чоғида томонлар “Amazon Kuiper” хизматларини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича амалий ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этдилар.
Амазон Куипер — америкалик хусусий аэрокосмик компания бўлиб, орбитал интернет тармоқлари ва сунъий йўлдош инфратузилмасини ривожлантириш билан шуғулланади. Лойиҳанинг асосий мақсади — аҳолини юқори тезликдаги интернет хизматлари билан таъминлаш ва глобал қоплам имкониятларини кенгайтиришдир.
Аввалроқ Рақамли технологиялар вазирлиги ва Amazon Kuiper Commercial Services LLC ўртасида англашув меморандуми (Memorandum of Understanding) имзоланиб ҳамкорлик йўлга қўйилган эди.