Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари Мозори-Шарифда учрашди
Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари Мозори-Шарифда учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 февраль куни Мозори-Шариф шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Ўзбекистон ва Афғонистон хусусий сектор вакиллари иштирокида бизнес учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Афғонистондан 150 нафар тадбиркор, Ўзбекистондан эса 50 дан ортиқ компания вакиллари қатнашди. Учрашувлар озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ташкил этилди.
Форум очилишида Балх вилояти ҳокимияти, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси вакиллари сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, 2025 йил давомида Кобул ва Мозори-Шарифда ўтказилган тадбирларда қарийб 400 та ўзбек компанияси иштирок этиб, умумий қиймати 250 миллион долларидан зиёд шартномалар имзоланган.
Ҳозирда Афғонистон бозорида Ўзбекистон Савдо уйлари фаолият юритмоқда. Жумладан, Кобул шаҳридаги савдо уйи шоурум ва омборхонага эга бўлиб, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этмоқда. Мозори-Шарифдаги савдо уйи эса қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тиббий анжомлар, фармацевтика ва электр техникаси маҳсулотларига ихтисослашган.
2025 йил якунига кўра икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 1,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 50 фоизга ошган.
Учрашув якунида томонлар 205 миллион долларлик дастлабки келишувларга эришди. Мазкур бизнес миссия янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, савдо ҳажмини ошириш ва инвестиция салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.