Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Zelal Tekstil компанияси фаолияти билан танишдилар ҳамда компания асосчиси Фират Дениз билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали музокаралар ўтказдилар.
Суҳбат чоғида тўқимачилик соҳасидаги қўшма лойиҳалар, тажриба алмашиш ва инвестициявий имкониятлар хусусида фикр алмашилди.
Мазкур учрашувдан сўнг, афғон делегацияси Тошкентда жойлашган тарихий Кўкалдош мадрасасига ташриф буюрди.
Меҳмонлар мадраса меъморчилиги, унинг тарихи ва илмий-маънавий аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар олдилар.
Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганидан далолат беради.