Ўзбекистон Туркия суд тиббиёти тармоғига қўшилди
Ўзбекистон Туркия суд тиббиёти тармоғига қўшилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 2-4 апрель кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатларнинг суд-экспертиза муассасалари ўртасида Туркий суд экспертизаси тармоғини (Turkic Forensic Science Network — TFSN) ташкил этиш борасида муҳим тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда тармоқни ташкил этишга қаратилган Меморандум имзоланди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон суд экспертиза муассасалари делегацияси, хусусан, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази стратегик тармоқнинг таъсисчи-аъзоси сифатида иштирок этди.
Шунингдек, мазкур тадбир давомида Марказ директори А. Халилов томонидан тармоққа аъзо давлатларнинг суд экспертиза муассасалари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Унда юртимизда суд экспертиза соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумотлар берилиб, суд экспертиза соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Муҳокамалар натижасига кўра суд экспертиза соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, кибержиноятчилик ва синтетик гиёҳвандликка қарши курашиш ҳамда ходимлар стажировкасини ташкил этиш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида Озарбайжон Республикаси Адлия вазирлигининг Суд экспертиза маркази билан учрашувлар ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ва Озарбайжон Республикаси Адлия вазирлигининг Суд экспертиза маркази ўртасида имзоланган 2025-2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижросии муҳокама қилинди ҳамда амалдаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 23 августда Ўзбекистон ва Озарбайжон Давлатлараро Олий Кенгашининг биринчи йиғилишида икки марказ ўртасида Ҳамкорлик мақсадлари тўғрисидаги меморандум, 2025 йил 3 мартда эса 2025–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланган бўлиб, унда қўшма ишлар ва тажриба алмашиш йўналишлари белгилаб берилган эди.