Ўзбекистон трансмиллий қатағонларга қарши кураш бўйича муҳокамаларда иштирок этди
Ўзбекистон трансмиллий қатағонларга қарши кураш бўйича муҳокамаларда иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 4 декабрь куни Женевадаги Миллатлар саройида "Трансмиллий қатағонлар ва инсон ҳуқуқларини бузиш: глобал жавоблар ва ҳисобдорлик" мавзусидаги сессиялараро тадбир бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан ташкил этилди.
Учрашув трансмиллий қатағон шаклларини ва уларнинг инсон ҳуқуқларини амалга оширишдаги оқибатларини чуқурроқ англашга, шунингдек, давлатларнинг самарали ҳимоя ва ҳисобдорлик механизмларини ишлаб чиқишга қаратилди. Сессиялараро йиғилишда давлатлар, халқаро ташкилотлар, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус ваколатли вакиллари ва эксперт тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Канаданинг БМТдаги Женевадаги доимий вакили Питер Макдугалл сўзга чиқди. Муҳокамаларда етакчи халқаро экспертлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармасининг Тематик ҳамкорлик бўйича директори Пегги Хикс, БМТнинг махсус маърузачилари Ирен Хан ва Назила Ганеа, шунингдек, Human Rights Watch, Article 19 халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда Канада ва Германиянинг тегишли давлат органлари вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов фикр ва сўз эркинлиги, уюшмалар эркинлиги ва шахс хавфсизлигига таҳдид солувчи трансмиллий қатағонлар амалиётига қарши халқаро консенсусни шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси қоидалари асосида журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш давлатлар, халқаро механизмлар ва фуқаролик жамияти ўртасида тизимли ҳамкорликни талаб этишига эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари трансмиллий қатағонлар тобора тизимли тус олаётганини, қурбонлар ва уларнинг оилалари орасида қўрқув ва ўз-ўзини цензура қилиш муҳитини яратаётганини қайд этдилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармасининг таҳлилий материалларида кўрсатилганидек, самарали ҳимоя механизмларининг йўқлиги ва одил судловга эришиш имкониятининг чекланганлиги ҳуқуқбузарларнинг жазосиз қолишига олиб келмоқда. Шу муносабат билан трансмиллий қатағон ҳолатларининг олдини олиш, мониторинг қилиш ва уларга муносабат билдиришнинг миллий ва халқаро воситаларини такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар ушбу ҳодисага қарши курашда глобал саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар.