Ўзбекистон Трансафғон темир йўлини қуришни жадаллаштирмоқда: лойиҳа сиёсий ва молиявий қўллаб-қувватловга эга бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чўриев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида мамлакатнинг йирик инфратузилма ташаббусларидан бири — Трансафғон темир йўлининг қурилиши ҳақида батафсил маълумот берди. У мазкур лойиҳани Қирғизистон–Хитой–Ўзбекистон темир йўлидан кейинги иккинчи муҳим стратегик лойиҳа деб атади.
Чўриевнинг сўзларига кўра, 17 июль куни Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон мамлакатлари Термиз – Найбобад – Майданшаҳр – Логар – Харлачи йўналиши бўйича темир йўл магистрал қурилишига доир техник-иқтисодий асос (ТИА) ишлаб чиқиш тўғрисида рамкавий ҳукуматлараро келишувни имзолаган.
Бу ҳужжат йўналишни аниқлаш, геологик тадқиқотлар, иқтисодий ва молиявий таҳлиллар каби амалий ишларга йўл очди.
«Бу келишув — биз анча вақтдан буён интилиб келаётган биринчи ва жуда муҳим қадам. Энди лойиҳанинг асослилигини нафақат ўзимиз учун, балки халқаро ҳамкорлар учун ҳам исботлай оламиз», — дея таъкидлади Чўриев. Унга кўра, келишув имзолангандан сўнгоқ халқаро шериклардан қизиқиш ва ҳамкорлик таклифлари пайдо бўлган.
Трансафғон темир йўли Ўзбекистонга денгизга энг қисқа чиқиш имконини яратади — Покистоннинг Карачи портларигача тўғридан-тўғри йўналиш ташкил этилади. Лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 3 миллион тонна юк ташиш режалаштирилган, 2035–2040 йилларга келиб бу кўрсаткич 15–20 миллион тоннага етказилиши кўзда тутилган.
Қурилиш ишлари беш йиллик муддатга мўлжалланган. Афғонистон томони қурилишнинг барча босқичларида хавфсизликни таъминлаш, яъни инфратузилмани қўриқлаш бўйича кафолат берган. Транспорт вазирлиги таъкидлашича, Афғонистоннинг ўзи ҳам транзит йўлакларини ривожлантиришда манфаатдор, чунки бундай инфратузилмасиз мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишга чиқа олмайди.
Покистон ҳудудидаги йўналиш мураккаб тоғли участкаларни ўз ичига олади, у ерда бешта тоннел ва 312 та кўприк қурилиши режалаштирилган. Бу учун замонавий муҳандислик ечимлари ва тезлаштирилган қурилиш усуллари қўлланилади.
Стратегик аҳамияти ҳақидаги саволга жавобан, Чўриев Трансафғон йўлагини мавжуд Россия ва Эрон орқали юк ташиш йўлларига нисбатан қисқалиги ва муқобиллиги билан аҳамиятли деб таърифлади. Унга кўра, Ўзбекистон мазкур йўналишлар орқали юк ташишда қийинчиликларга дуч келмоқда, шу боис янгича йўлларни излаш долзарб вазифа саналади.
Трансафғон темир йўли Ўзбекистоннинг Евроосиё маконида транзит хаб сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш ва Марказий ҳамда Жанубий Осиёни ягона транспорт тармоғига боғлашга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг ажралмас қисмига айланади.