Ўзбекистон ТИВ: Яқин Шарқда ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида мамлакат фуқаролари йўқ
Ўзбекистон ТИВ: Яқин Шарқда ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида мамлакат фуқаролари йўқ
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, айни пайтда Яқин Шарқдаги вазият кескинлашуви оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида республика фуқаролари йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар мавжуд эмас. Вазият доимий назорат остида», — дейилади вазирликнинг расмий баёнотида.
ТИВда таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ ватандошларни Ватанга қайтаришни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вазият ривожини инобатга олган ҳолда ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини устувор тарзда таъминлаш мақсадида мунтазам ва қўшимча авиақатновлар ташкил этилмоқда. Қайд этилишича, ушбу ишлар доимий асосда олиб борилмоқда.
Ташқи сиёсат идораси маълумотига кўра, ҳозирги вақтда Саудия Арабистонидан фуқароларни тизимли эвакуация қилиш амалга оширилмоқда, Бирлашган Араб Амирликларидан Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг репатриация рейси ишлаб чиқилган, шунингдек авиакомпаниялар билан чартер рейсларини мувофиқлаштириш ва минтақа давлатлари авиация регуляторлари билан келишув ишлари олиб борилмоқда.
ТИВда таъкидлашларича, ҳаво ҳудудининг ёпилиши ва «ҳаво ҳужуми» режими амал қилиши муносабати билан эвакуация имкониятлари объектив равишда чекланган. Шунга қарамасдан, дипломатик хизматлар вазият ривожини кузатиб бориш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанга қайтариш бўйича зарур чораларни кўриш мақсадида тун-кун иш олиб бормоқда.