Ўзбекистон ТИВ раҳбари Греция элчисидан ишонч ёрлиқларининг нусхаларини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов мамлакатимизда янги тайинланган Греция элчиси Параскеви Цевелекидан ишонч ёрлиқларининг нусхаларини қабул қилди.
ТИВ раҳбари Тошкентда Греция элчихонасининг очилишини самимий қарши олди ва бу қадам икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади:
«Тошкентда Греция элчихонасининг очилишини мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз ва бу ҳамкорлигимиз жадал ривожланишига туртки бўлади, деб ишонамиз», — деди Саидов.
Суҳбат чоғида томонлар сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, маданий ва таълим соҳаларида алмашинувни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунларида Бахтиёр Саидов Греция элчисига Ўзбекистонда самарали ва натижали фаолият олиб боришини тилаб қолди.