Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва ХБАУ хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 12 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев, Миграция агентлиги директори ўринбосари М. Куранов ҳамда Хусусий бандлик агентликлари уюшмаси (ХБАУ) раиси Т. Хайдаров иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Учрашувда хорижий давлатларга ишлаш учун юборилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хориждаги иш жойини тарк этиш ҳолатларини олдини олиш, меҳнат шартномаларига консуллик рўйхатидан ўтиш тўғрисида алоҳида бандни киритиш ҳамда ХБАУ фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ТИВ ва ХБАУ ўртасида ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, хориждаги фуқароларга ҳуқуқий ва консуллик ёрдамини самарали ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда ТИВ кўмагида 2025 йил июнь ойида Германия ва Хорватия каби ривожланган давлатларда меҳнат ярмаркалари ҳамда «B2B» форматида иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида чет элдаги фуқароларнинг хавфсиз ва қонуний меҳнат фаолиятини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.