Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Россия элчисини фаолияти якунланиши муносабати билан қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олег Мальгинов билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида ўзбек-россия иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатларга асосланган қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва икки томонлама алоқаларни чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишни тасдиқладилар.
Вазир элчига Ўзбекистондаги самарали фаолияти учун миннатдорлик изҳор этиб, унинг кейинги касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.