Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Абу-Дабида БАА ташқи ишлар вазирининг ўринбосари билан учрашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Абу-Дабида БАА ташқи ишлар вазирининг ўринбосари билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 11 декабрь куни Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев БАА ташқи ишлар вазири ўринбосари Омар Обаид ал-Шамси билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида томонлар ўртасида муносабатларнинг ҳозирги ҳолати, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
O.al-Shamsi икки давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий муносабатлар Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги алоқаларнинг асоси бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
Бу борада Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг январь ойида Амирликларга амалга оширган расмий ташрифини алоҳида таъкидлаб, у икки томонлама муносабатларни стратегик даражага олиб чиққанини қайд этди.
Учрашувда шу билан бирга, мамлакатлар ўртасида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича фикр алмашилди.
Суҳбатдош Ўзбекистон фуқароларини Амирликлар ҳудудида истиқомат қилишлари учун барча зарур шароитларни яратиб беришда ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик маслаҳатлашувларни ташкил этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаб, бу борада томонлар ўртасида илк бор имзоланиши кутилаётган Англашув меморандуми Амирликлар томонига маъқуллигини ҳамда мазкур ҳужжатни яқин орада имзолашга тайёрлигини маълум қилди.
Маслаҳатлашувларнинг биринчи даврасини 2026 йилнинг 1-чорагида томонлар учун қулай фурсатларда ўтказиш ташаббусини илгари сурди.