Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг янги ўринбосарлари тайинланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраевнинг янги ўринбосарларини тайинлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари ва Сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш агентлиги директори лавозимига аввал сув хўжалиги вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Зокир Ишпулатов тайинланди.
Зокир Ишпулатов 1983 йил 24 июнда Сурхондарё вилояти Термиз туманида туғилган. У 2005 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини бакалавр даражасида, 2009 йилда эса магистр даражасида тамомлаган. Техника фанлари доктори бўлган Ишпулатов кўп йиллар давомида Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги турли тузилмаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари лавозимига Миролимжон Каримжон ўғли Каримов тайинланди. У тайинловга қадар Ҳисоб палатасида бош инспектор ва сектор мудири сифатида ишлаган, шунингдек, аввалроқ «Ўзбекнефтегаз» тизимида нефть маҳсулотлари логистикаси бўйича департаментни бошқарган.
Миролимжон Каримов 1977 йил 3 январь куни Фарғона вилояти Бешариқ туманида туғилган. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриатини, 2002 йилда эса магистратурасини тамомлаган. У меҳнат фаолиятини 1993 йилда «Навбахор» улгуржи савдо базасида бошлаган, кейинчалик Солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ҳамда Президент администрацияси тизимларида фаолият юритган.