Ўзбекистон Sumitomo ва ACWA Power билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Sumitomo ва ACWA Power билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Япониянинг “Sumitomo Corporation” корпорацияси раҳбари Хаджиме Мори ҳамда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси раҳбари Абид Малик билан учрашув ўтказди.
1919 йилда ташкил этилган Япония корпорациясининг активлари 73 миллиард долларни, ишчилар сони эса 5,1 минг кишини ташкил этади. “ACWA Power” компанияси 2004 йилдан буён фаолият юритиб, 18,7 миллиард долларлик активларга ва 4 минг нафар ходимга эга. Томонлар умумий қуввати 3,5 ГВт, қиймати эса 4,2 миллиард долларга тенг бўлган бешта йирик лойиҳани биргаликда амалга ошириш бўйича келишув имзоладилар.
Мулоқот давомида энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли инвестиция дастурларининг амалга оширилиши таҳлил қилинди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар қайта тикланувчи энергия манбаларини барпо этишда юксак натижалар бераётгани алоҳида қайд этилди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш ва қувватларни ишга тушириш муддатларини оптималлаштириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилди.
Хорижий инвесторларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир босқичда уларга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлик билдирилди. Чет эл компаниялари вакиллари, ўз навбатида, вазирлик томонидан кўрсатилаётган доимий амалий ёрдам иш самарадорлигини оширишга хизмат қилаётганини юқори баҳоладилар.