Ўзбекистон ШҲТ йиғилишида иқлим ташаббусларини таклиф қилди
Ўзбекистон ШҲТ йиғилишида иқлим ташаббусларини таклиф қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, 2026 йил 2–3 апрель кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган экспертлар йиғилиши ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича вазирлик ва идоралари раҳбарларининг еттинчи учрашувида иштирок этди.
“Барқарор тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида 25 йил бирга” мавзусида ўтказилган йиғилиш глобал муаммолар кучайиб бораётган бир шароитда экологик ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланди. Хусусан, иқлим ўзгариши, ер деградацияси, сув танқислиги, биохилма-хилликнинг камайиши ҳамда экстремал табиий ҳодисалар сонининг ортиб бориши каби муаммоларга эътибор қаратилди. Ушбу муаммолар ШҲТ ҳудудида барқарор ривожланиш ва экологик барқарорликка жиддий хавф туғдираётгани таъкидланди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Жусипбек Казбеков Қирғиз Республикасига муваффақиятли раислик қилгани ҳамда йиғилишнинг юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим барқарорлиги соҳасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон томони мамлакатда амалга оширилаётган «яшил» трансформация жараёнларини алоҳида қайд этди. Жумладан, кенг кўламли ўрмонлаштириш ишлари, айниқса, Орол денгизи қуриган тубида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экишни назарда тутувчи “Яшил макон” умуммиллий ташаббуси ҳамда 2028 йилгача ботаника ва дендрология боғлари ташкил этилиши тилга олинди. Бундан ташқари, “Тоза ҳаво”, “Чиқиндисиз ҳудуд”, “Экологик маданият” ва «Биомерос» каби қатор миллий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон минтақавий экологик ҳамкорлик платформаси сифатидаги ролини мустаҳкамлаб бораётгани, жумладан, Самарқанд шаҳрида йирик халқаро тадбирларни ўтказаётгани ҳамда Глобал экологик фонднинг ВИИИ Ассамблеяси ва "Eco Expo Central Asia 2026" тадбирларига тайёргарлик кўраётгани қайд этилди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида иқлим ўзгариши бўйича Битим лойиҳаси, Махсус ишчи гуруҳ ташкил этиш, шунингдек, иқлимга мослашув, декарбонизация ва экологик хавфларни прогнозлашда сунъий интеллектдан фойдаланишга қаратилган минтақавий платформани ишга тушириш таклиф этилди.