Ўзбекистон Сенати Раиси БМТ билан барқарор ривожланиш ва гендер тенглиги бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон Сенати Раиси БМТ билан барқарор ривожланиш ва гендер тенглиги бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ишлар ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Сенати ва БМТ тузилмалари ўртасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган қўшма дастур ва ташаббусларни илгари суриш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида Осиё аёллари форуми, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти режалари, шунингдек, БМТнинг Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссияси сессиялари доирасида қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсалларини амалга ошириш бўйича миллий ва ҳудудий даражадаги механизмларни такомиллаштириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини институционал ривожлантириш, депутатларни ўқитиш ва методик қўллаб-қувватлаш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан қатор келишувларга эришилди.