Ўзбекистон Сенати олтин ва заргарлик буюмлари муомаласи устидан назоратни кучайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама этилди.
Сўнгги йилларда қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи соҳасида юзага келган ҳуқуқий бўшлиқлар ушбу Қонуннинг қабул қилинишига сабаб бўлди. Хусусан, 2019 йилда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинганида "валюта қимматликлари" тушунчасидан қимматбаҳо металл ва тошлар чиқариб ташланган эди. Бу эса суд-тергов амалиётида уларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ишларда жавобгарлик масаласини очиқ қолдирган.
Бу каби ҳуқуқий бўшлиқлар “қора бозор”да ноқонуний муомала ҳажмининг кескин ошишига олиб келмоқда. Сўнгги 5 йилда қимматбаҳо металл ва тошларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 100 дан ортиқ ҳолат аниқланиб, қарийб 50 млрд сўмлик олтин, кумуш, олмос ва зумрадлар мусодара қилинган. Қонунчиликдаги номутаносибликлар қонуний имтиёзларга эга бўлган 2 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳам фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, "қора бозор"да 550-600 млн долларлик тилла буюмлар норасмий айланмоқда, мустақил олтин изловчилар томонидан топшириладиган олтин ҳажми 2020 йилдаги 40 килограммдан 2023 йилга келиб 100 бараварга камайган.
Мазкур Қонун муҳим ўзгартиришларни ўз ичига олади.
Жумладан, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Қонун билан Жиноят кодексининг 177-моддасида ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасида қимматбаҳо металлар ва тошларни қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун аниқ жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Тушунчаларга аниқлик киритилди, хусусан, қонунчиликка "қимматбаҳо металлар" ва "қимматбаҳо тошлар" каби янги тушунчалар киритилиб, мавжуд атамалар янги таҳрирдаги "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқлаштирилмоқда.
Мажбурий сотув учун жавобгарлик бекор қилинмоқда, яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасида валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан бўйин товлаганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида мазкур Қонуннинг қабул қилиниши қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга алоҳида урғу берди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.