Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Шэньси провинцияси делегацияси саноат ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Шэньси провинцияси делегацияси саноат ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Шэньси провинцияси Савдо-иқтисодий департаменти раҳбари Цао Гунцюань бошчилигидаги делегация иштирокида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Шэньси провинцияси корхоналари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда қурилиш ва лойиҳалаш ишлари, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, транспорт соҳаси, тоғ-кон ва геологик қидирув ишлари, металлургия саноати, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат тармоқларига инвестиция жалб қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, мазкур йўналишларда ўзбек ва хитойлик тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Хитой–Ўзбекистон ҳамкорлиги “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида стратегик аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.
Айниқса, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши, энергетика, саноат ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорлик лойиҳалари Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.
Учрашувда шунингдек, жорий йилнинг 21–25 май кунлари Шэньси провинциясида ўтказилиши режалаштирилган йирик форумга биргаликда тайёргарлик кўриш, тадбиркорларни фаол жалб этиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва бизнес алоқаларни янада фаоллаштириш бўйича келишувга эришдилар.