Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Россия Халқаро Савдо палатаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов Россия Халқаро Савдо палатаси (ICC Russia) бош котиби Татьяна Монэген билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ICC Russia ташкилотига аъзо бўлиши масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда Халқаро Савдо Палатасининг Миллий қўмитасини ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинди. Томонлар мазкур ғояни қўллаб-қувватлади ва уни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Шунингдек, учрашув давомида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро савдо стандартларини жорий этиш, низоларни ҳал қилиш учун муқобил арбитраж тизимларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг ATA Carnet тизимига қўшилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
ATA Carnet — халқаро савдо ва кўргазмаларда иштирок этиш мақсадида товарлар ва маҳсулотларни вақтинча чегара орқали ўтказиш учун рухсат берувчи махсус ҳужжат бўлиб, ҳозирда 80 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда қўлланилади.
Учрашув якунида Дилшод Расулов меҳмонни 28-30 апрель кунлари САЕх Uzbekistan кўргазма марказида бўлиб ўткаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” бешинчи юбилей халқаро саноат кўргазмасига ташриф буюришга таклиф этди.