Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қирғизистон Бизнес Ассоциацияси ҳамкорликни йўлга қўяди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қирғизистон Бизнес Ассоциацияси ҳамкорликни йўлга қўяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов Қирғизистон Республикасининг Бозорлар, савдо корхоналари ва хизмат кўрсатиш соҳаси уюшмаси раиси Сергей Пономарёв билан учрашув ўтказди.
Қирғизистон Республикасининг мазкур уюшмаси 2006 йил 10 октябрда ташкил этилган бўлиб, савдо, бозорлар ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларни бирлаштиради. У тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш билан шуғулланади.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармон доиралари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, Ўзбекистондан Қирғизистонга текстиль маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, шунингдек икки мамлакат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Қирғизистон ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини Ўзбекистон орқали учинчи давлатлар бозорларига экспорт қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу ташаббус минтақавий савдо ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолашга келишиб олдилар. Мазкур келишув тадбиркорлар ўртасида алоқаларни кенгайтириш, қўшма бизнес тадбирларини ташкил этиш ва икки мамлакат ишбилармонларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.