Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жанубий Кореянинг NGeneBio компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида хизмат сафари билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди.
Сафар доирасида делегация NGeneBio компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
NGeneBio – биотехнология соҳасида фаолият юритувчи нуфузли компания бўлиб, молекуляр диагностика (MDx), companion diagnostics (CDx), Next-Generation Sequencing (NGS) панеллари ҳамда биоинформатика дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади.
Учрашув натижаларига кўра компания хизмат ва маҳсулотларини Ўзбекистонда жорий қилиш, маҳаллий тиббиёт корхоналарини NGeneBio билан ҳамкорликка жалб этиш, компаниянинг Ўзбекистонда филиалини очиш ва махсус вакил тайинлаш масалалари бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, компания вакиллари жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрига ташриф буюриш ниятини билдириб, мазкур сафар доирасида хусусий клиникалар, тиббиёт таълим муассасалари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ташкилотлар билан учрашувлар ўтказишни режалаштирдилар.