Валюта курслари 17/06/2025
$1 – 12715.13
UZS – -0.35%
€1 – 14730.48
UZS – 0.17%
₽1 – 161.75
UZS – 1.04%
Қидириш
Ўзбекистон 29/05/2025 Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг GIZ билан ҳамкорликдаги TexVET Karyera лойиҳасининг натижалари тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг GIZ билан ҳамкорликдаги TexVET Karyera лойиҳасининг натижалари тақдим этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Германиянинг Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан яқин ҳамкорликда “Ўзбекистон касбий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнини қўллаб-қувватлаш” (TexVET Karyera) лойиҳасининг Integration Consulting Group томонидан амалга оширилаётган бир қисмининг натижаларини тақдим этди. Ҳамкор вазирликлар, Савдо-саноат палатаси, маҳаллий ҳокимият, халқаро донорлар ва ҳамкор мактаблар ҳамда техникумлар вакиллари лойиҳа ютуқларини тақдим этиш ва Ўзбекистонда касбга йўналтириш тизими келажагини муҳокама қилиш учун конференцияда иштирок этдилар.

Ўзбекистон аҳолиси таркибида ёшларнинг улуши 60% дан ортиқ бўлган шароитда, инсон капиталини ривожлантириш масаласи иқтисодий ўсиш, инновация, тадбиркорлик ва инвестицияларни рағбатлантирувчи асосий омилга айланиши мумкин. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) маълумотларига кўра, самарали касбга йўналтириш тизими нафақат ёшларни меҳнат бозори учун тайёрлайди, балки ижтимоий-иқтисодий хатарларни камайтиради ва умр бўйи даромадларни оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов таъкидлаганидек, “касбий таълим ва малака ошириш тизимимизни кенг қамровли ислоҳ қилиш ёшларнинг билим ва кўникмаларини меҳнат бозори талабларига мослаштиришнинг асосий омилидир. Касбга йўналтириш бу жараённинг марказида туради: ёшлар ўз вақтида тўғри маслаҳат олишса, ўз таълим йўлини эрта танлаб, келажакда барқарор иш имкониятларига эга бўлишади.”

2023 йил ноябрь ойида бошланган TexVET Karyera лойиҳаси замонавий касб танлашга йўналтириш ёндашувларини ишлаб чиқди, амалий қўлланмалар ва рақамли воситаларни яратди, ўқитувчилар ва психологлар малакасини оширди, шунингдек, ишлаб чиқилган қўлланмаларни Тошкент шаҳри, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб мактаблар ва техникумларда тажриба-синовдан ўтказди.

Ушбу чора-тадбирлар мактаб ўқувчилари, техникум талабалари ва катталар учун касбга йўналтириш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади ва уларга ўз касбларини тўғри режалаштириш ва бошқариш кўникмаларини ривожлантириш имконини яратади. Лойиҳа доирасида яратилган ресурслар интерфаол онлайн курслар, дарс машғулотлари ва иш берувчилар томонидан олиб бориладиган менторлик дастурларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, лойиҳа Самарқанд политехникумида Касбга йўналтириш марказини ташкил этишда техник ёрдам кўрсатмоқда. Ушбу марказ ҳудудда ёшларга хизмат қилади ва унинг тажрибаси кейинчалик бошқа вилоятларда намуна марказ сифатида тадбиқ этилиши мумкин.

Миллий ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳа ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича тренингларни ўтказди, касбга йўналтириш қўлланмаларини тажриба-синовдан ўтказди ва ёшларга ўз кучли томонларини аниқлаш, ишга жойлашиш имкониятларини тушуниш ҳамда келажак соҳа ва касбни онгли танлашда ёрдам берди. Беш ҳудуддаги дастурлар соҳа танловлари, соҳалар бўйича семинарлар, иш берувчилар билан учрашувлар, ишга тайёрлов амалиётлари ва тарғибот кампанияларини ўз ичига олди. Уларда жами 496 нафар мактаб ўқувчиси, 288 нафар техникум талабалари, 263 нафар ўқитувчилар ҳамда 366 нафар жамоатчилик ва бизнес вакиллари қамраб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова таъкидлаганидек, “лойиҳа экспертлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда саккизта амалий қўлланма, учта рақамли курс ва ўн учта гендерга сезгир касбга йўналтириш чораларини ишлаб чиқишди. TexVET Karyera лойиҳаси Ўзбекистонда касбий йўналтириш ва таълим соҳасида тизимли ёндашувни шакллантиришда муҳим роль ўйнади, умумий ўрта мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун касб танлаш имкониятларини ўрганиш ва келажак ҳаётга тайёргарлик кўриш учун янги йўлларни очди.”

Иш берувчиларнинг ҳамкорлиги лойиҳани амалга ошириш ёндашувининг асосий пойдевори бўлганлиги сабабли, лойиҳа хусусий сектор ва мактаблар ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишга муваффақ бўлди.

Safia, BYD Megawatt, Алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чикарувчилар ассоциацияси, Coca-Cola Uzbekistan, Samarkand Apparel, Teamdress, Global Textile МЧЖ ва Denta Fill Фармацевтика Компанияси каби муваффақиятли компаниялар ўқув муассасалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаб, касб танлашда йўналтириш ишларини қўллаб-қувватладилар. Умуман олганда, лойиҳа доирасида мактаблар ва 25 та хусусий компания ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлинди.

“TexVET Karyera лойиҳаси ҳукуматнинг таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқилган,” — дейди GIZнинг “Ўзбекистон касбий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнини қўллаб-қувватлашд” лойиҳаси раҳбари Матиас Клингенберг. “Ўзбекистон иқтисодиёти ресурсларга асосланган соҳалардан хизмат кўрсатиш, ахборот-коммуникация технологиялари, яшил энергетика ва қиймат қўшилган ишлаб чиқариш каби йўналишларга ўтиш сари дадил қадам ташламоқда. TexVET Karyera лойиҳаси Ўзбекистон ҳамкорларига янгича ислоҳотларни бошқариш ва амалга оширишда кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган эди. Биз Ўзбекистон ёшлари ҳамда мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожига ҳисса қўшиш имконига эга бўлганимиздан фахрланамиз.”

Тадбирда GIZ вакиллари, тегишли вазирликлар ва асосий ҳамкорлар эришилган ютуқларни нишонлаб, миллий эгалик ва доимий институционал ривожланиш орқали уларни сақлаб қолишга содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар. Лойиҳа натижалари Ўзбекистоннинг инсон капиталини ривожлантириш бўйича кенг қамровли дастурларига ҳамда билимга асосланган ва инновацияга йўналтирилган иқтисодиёт сари ўтиш жараёнига салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг