Валюта курслари 04/08/2025
$1 – 12725.16
UZS – 0.26%
€1 – 14507.95
UZS – -0.02%
₽1 – 158.65
UZS – 0.13%
Қидириш
Иқтисод 24/07/2025 Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “SOCAR” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида маҳсулот тақсимотига оид Битим имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “SOCAR” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида маҳсулот тақсимотига оид Битим имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Озарбайжон Республикасининг Давлат нефть компанияси (SOCAR) ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида Устюрт нефт-газ минтақасидаги инвестиция блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни назарда тутувчи маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги Битим имзоланди.

Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг узоқни кўра билиши ва қатъиятининг ёрқин далилидир. Уларнинг сиёсий иродаси ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган шахсий интилиши мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга имкон берди. Битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги энергетика соҳасидаги шерикликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди ҳамда углеводород ресурсларини қидириш ва ўзлаштириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди.

Битим шартларига мувофиқ, 1,0 минг квадрат километрдан кам бўлмаган майдонда 3D сейсморазведка ишларини олиб бориш ва натижаларга кўра битта қудуқда геология-қидирув ишларини бошлаш режалаштирилган. Саноат аҳамиятига эга углеводород конлари топилган тақдирда, томонлар уларни ўзлаштириш ва кейинчалик қазиб олиш босқичига киришадилар.

Ровшан Наджаф, SOCAR компанияси президенти:

“Ушбу Битимнинг имзоланиши Марказий Осиё ва Каспий минтақасида энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиямизнинг тасдиғидир. SOCAR тўпланган бой тажриба ва илғор технологик ечимларни қўллаган ҳолда лойиҳани амалга оширишга иштиёқ билан киришмоқда. Ишончимиз комилки, бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади”.

Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири:

“SOCAR билан ҳамкорлик Янги Ўзбекистоннинг инвестиция манбаларини диверсификация қилиш ва энг илғор халқаро амалиётларни тадбиқ этишга бўлган стратегик интилишини акс эттиради. Устюрт ҳудуди юқори истиқболга эга ва маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТБ)нинг имзоланиши унинг самарали ривожланиши учун янги имкониятларни очади. Ушбу лойиҳа технологик тараққиёт ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлишига ишонамиз”.

Баҳодиржон Сиддиқов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси:

“Ушбу битим соҳа ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва миллий нефт-газ тармоғини ривожлантириш йўлидаги муҳим босқичдир. Шунингдек, "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг халқаро ҳамкорлик ва йирик инвестицияларга очиқ бўлган ишончли ва инновацион йўналтирилган ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди”.

Маҳсулот тақсимоти тўғрисида Битим (МТБ)

Маҳсулот тақсимоти тўғрисида Битим (МТБ) давлат ва инвестор ўртасидаги шартномавий муносабатларнинг алоҳида шакли бўлиб, бунда инвестор нефт-газ операциялари, шу жумладан геологик-қидирув ишларини ўтказиш, ўзлаштириш ва углеводородларни қазиб олишни амалга оширишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади.

Сармоядор сарфланган харажатларни қазиб олинган ресурсларнинг бир қисми (компенсация маҳсулоти деб аталадиган) ҳисобидан қоплайди, қолган даромадли маҳсулот эса томонлар ўртасида келишилган улушларда тақсимланади. Бундай модел хавфлар ва даромадларнинг адолатли тақсимланишини таъминлайди, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиради ва илғор технологияларни мамлакатга кириб келишига ёрдам беради.

SOCAR компанияси ҳақида

SOCAR (State Oil Company of the Azerbaijan Republic) – Озарбайжон Республикасининг миллий нефт ва газ компанияси бўлиб, у тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширади: қидириш ва қазиб чиқаришдан тортиб қайта ишлаш ҳамда нефт газ маҳсулотларини ташиш ва сотишгача. Компания Европа, Осиё ва Яқин Шарқдаги стратегик лойиҳаларда иштирок этиб, халқаро фаолиятини фаол ривожлантирмоқда. SOCAR юқори даражадаги корпоратив масъулиятга эга, технологик жиҳатдан илғор ва ишончли ҳамкор сифатида ўзини намоён қилган.

“Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳақида

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ўзбекистон Республикасининг энг йирик давлат энергетика компанияси бўлиб, нефт ва газ соҳасидаги тўлиқ жараёнларни ўз ичига олган лойиҳаларни амалга оширади: геология-қидирув ишлари, бурғилаш, қазиб чиқариш ва қайта ишлашдан тортиб, нефт, газ ва газ-кимё маҳсулотларини ташиш ва сотишгача. Компания ҳиссасига мамлакатдаги умумий табиий газ қазиб олиш ҳажмининг 60 фоиздан ортиғи тўғри келади. Ўзбекистон доимий равишда дунёдаги энг йирик газ ишлаб чиқарувчилар қаторидан ўрин олиб келмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ илғор технологияларни жорий этиш, халқаро лойиҳаларни амалга ошириш ва барқарор экспорт ва инвестиция стратегиясига эга юқори самарали интеграциялашган энергетика компанияси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга асосий эътиборни қаратиб келмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг