Ўзбекистон рақамли таълимни ривожлантириш бўйича ICPC билан меморандум имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги вазирлик делегацияси ҳамда бош директор Абдулахад Кучкаров раҳбарлигидаги IТ Park Узбекистан вакиллари Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифни амалга оширмоқда.
Ташриф доирасида “ICPC Foundation” президенти ва “International Collegiate Programming Contest” (ICPC) ижрочи директори доктор Уилям Б. Пауэр билан учрашув ўтказилди. Томонлар рақамли таълим, истеъдодларни ривожлантириш ва халқаро академик ҳамкорлик соҳаларида стратегик ҳамкорликистиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда дастурлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, дастурлаш мусобақаларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва халқаро академик шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқилди. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида рақобатбардош IТ ва инновацион экотизимни яратишга бўлган интилишини тасдиқлайди.
Учрашув давомида сунъий интеллект, алгоритмик тадқиқотлар, дастурий инжиниринг, ҳисоблаш технологиялари бўйича компетенцияларни ривожлантириш, шунингдек, ўзбекистонлик талабаларнинг дастурлаш бўйича халқаро олимпиадаларда фаол иштирок этишига қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг рақамли таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон миқёсидаги таълим, илмий-тадқиқот ҳамда инновацион муҳитни шакллантириш бўйича стратегик мақсадларини акс эттиради. Дунёдаги энг нуфузли талабалар дастурлаш танлови ҳисобланган ICPC билан ҳамкорлик ўзбек талабалари ва жаҳоннинг етакчи университетлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.
ICPC билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистонда ICPC дастурларини кенгайтириш ва ташкилотнинг Марказий Осиёдаги фаолиятини кучайтириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни, шунингдек, ICPC билан шерикликни ривожлантиришни кўзда тутувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу меморандум доирасида Ўзбекистонда бир қатор йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
ICPC Foundation — алгоритмик дастурлаш бўйича дунёдаги энг йирик ва нуфузли талабалар мусобақаси бўлган“International Collegiate Programming Contest” (ICPC)ни ташкил этувчи халқаро нотижорат ташкилот. 1970 йилда асос солинган мазкур ташкилот мураккаб амалий муаммоларни ҳал этиш ва глобал IТ-таълимни ривожлантириш мақсадида бутун дунёдан энг иқтидорли дастурчи талабаларни бирлаштиради.