Ўзбекистон Қувайт инвесторлари билан Ислом банкини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Шохрух Гуламов ҳамда Қувайтнинг Noor Financial Investment Company компанияси делегацияси, муқобил инвестициялар бўйича катта вице-президент Абдулла Ал-Хоули бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида молия, саноат, энергетика ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, Қувайт томонининг Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида иштироки масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ислом қоидаларига асосланган банк тизимини ривожлантириш ва Noor Financial Investment Company иштирокида Ўзбекистонда янги ислом банкини ташкил этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қувайт томони Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолаб, мамлакатнинг инвестициявий ташаббусларида фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлик билдирган ҳолда, биргаликда амалий чораларни кўришга келишиб олдилар.