Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида углерод кредитлари бўйича халқаро лойиҳани ишга туширди

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида углерод кредитлари бўйича халқаро лойиҳани ишга туширди

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида углерод кредитлари бўйича халқаро лойиҳани ишга туширди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида экологик барқарорликни оширишга қаратилган янги халқаро лойиҳа йўлга қўйилди. Бу борадаги келишув Швейтсариянинг Bizpando AG компанияси, Республика агрохизматлар маркази (AKIS) ва Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (IСАС) ўртасида имзоланди.

Лойиҳа пахта етиштирувчи фермерларни карбон кредитлари тизимига жалб этишни назарда тутади. Унга кўра, фермерлар биочар ва компост ишлаб чиқариб, уларни далаларда қўллаш орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради ҳамда тупроқ унумдорлигини оширади.

Томонлар маълумотига кўра, ушбу жараён натижасида юзага келадиган карбон камайишлари халқаро стандартлар асосида сертификатланади ва жаҳон бозорида сотилади. Бу эса фермерлар учун қўшимча даромад манбаини яратади.

Лойиҳада Bizpando AG карбон кредитларини шакллантириш ва сотиш жараёнларини бошқаради. AKIS лойиҳа ижросини мамлакат миқёсида мувофиқлаштиради, IСАС эса илмий ва агротехник кўмак беради.

Қайд этилишича, карбон кредитлари савдосидан тушадиган маблағларнинг асосий қисми фермерларга йўналтирилади. Мутахассислар бу ташаббусни қишлоқ хўжалигида экологик ёндашувларни кенгайтириш ва “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг