Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Италия элчиси билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Пергабриеле Пападия де Боттини ди Сантъанезе билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида вазир Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, аграр таълим йўналишида талабалар алмашинувининг тизимли йўлга қўйилгани юқори баҳоланди.
Шунингдек, амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш, белгиланган ҳамкорлик дастури доирасида ўзбекистонлик талабаларни Туша университетида ўқишини ташкил этиш ва бу борада юзага келаётган айрим масалаларни ҳал қилиш юзасидан фикр алмашилди.
Маълумки, вазирлик томонидан эълон қилинган танлов натижаларига кўра, 18 нафар талаба Италия олийгоҳида таҳсил олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Ҳозирда улар зарур ҳужжатларни тайёрлаб, Италияга жўнаб кетишга ҳозирланмоқда.
Суҳбат чоғида талабаларнинг виза ҳужжатларини тезкор расмийлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мутахассисларини Италия тажрибасига мувофиқ стандартларни жорий этиш бўйича тренингларга юбориш ва малакасини ошириш истиқболлари белгилаб олинди.