Валюта курслари 16/06/2025
$1 – 12760.21
UZS – 0.43%
€1 – 14704.87
UZS – 0.0%
₽1 – 160.08
UZS – 0.55%
Қидириш
Иқтисод 16/06/2025 Ўзбекистон Президенти газ таъминотидаги узилишларни бартараф этиш ва озиқ-овқат нархларини барқарорлаштиришни талаб қилди

Ўзбекистон Президенти газ таъминотидаги узилишларни бартараф этиш ва озиқ-овқат нархларини барқарорлаштиришни талаб қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни ўтказилган йиғилишда ислоҳотлар амалга оширилиши кечикаётгани ва бу ҳолат ҳукумат ҳамда вазирликлар раҳбарлари томонидан ижро интизоми устидан етарли назорат йўқлиги билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари суюлтирилган газ етказиб беришдаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, газ етказиб беришда 60–70 кунгача кечикишлар кузатилмоқда. Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида аҳоли мурожаатларининг тахминан 70 фоизи айнан газ масаласига тегишли.

“Иссиқ кунларда газда шунча муаммо бўлса, қишда одамлар қозонини нимада қайнатади? Раҳбарларга сўнгги огоҳлантириш: бу масалага икки ҳафтада ечим топсин, бўлмаса ўзи билиб жойини бўшатиб қўйсин”, - деди Президентимиз.

Яна бир масала – ёзнинг бошланиши нисбатан салқин келди. Лекин буёғига кунлар анча исиб, электр истеъмоли ошади. Икки ой олдин Энергия самарадорлик агентлиги ташкил қилиниб, бюджетдан 100 миллиард сўм берилди.

Энергетика вазирлиги ва агентликка вазирлик, ҳокимлик ва давлат корхоналарининг ойлик истеъмоли 500 киловатт соатдан юқори бўлган ходимлари рўйхатини шакллантиради. Ушбу ходимларга энергия самарадор технологияларга ўтиш учун “яшил таъмир” кредити ёки субсидия олишга кўмаклашилади. Керак бўлса, бюджетдан ташқари жамғармасидан ссуда берилиши мумкин.

Бунинг ҳисобидан йил якунигача истеъмоли юқори бўлган камида 100 минг хонадон энергия самарадор тизимга ўтиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди

Яна бир муҳим масала — суд қарорларининг ижроси бўлди. 2023 йил якунига кўра, Мажбурий ижро бюросига юборилган суд қарорларининг ҳар бешинчисини бажариш таъминланмагани қайд этилди.

Президент йиғилишда озиқ-овқат нархлари, жумладан гўшт, сут маҳсулотлари, товуқ гўшти ва тухум нархларига ҳам тўхталиб ўтди. У ўтган ҳафта жорий этилган ҚҚСнинг 50 фоизини кешбэк тарзида қайтариш механизмини эсга солди. Бу механизм нархларни барқарорлаштириш ва соҳа фаолиятини «соядан» чиқаришга қаратилган.

«Кешбэк тўловлари ўз вақтида, ҳеч қандай кечикишларсиз амалга оширилиши шарт. Ҳокимларга огоҳлантириш: янги механизм орқали асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарор бўлиши керак. Бу вазифани бажара олмаганлар лавозимидан озод этилади», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг