Ўзбекистон Пискент полигонида автомобилларни синовдан ўтказишни тўхтатди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2025 йил 2 сентябрдан бошлаб Пискент полигонида автомобилларни синовдан ўтказиш тўхтатилади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.
Истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш ва сифат кафолатига эга бўлмаган автомобилларни республикамизга олиб кирилишини ҳамда жамоат йўлларда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Пискент синов мажмуасида автотранспорт воситалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган техник регламентга мувофиқ синовлардан ўтказилган.
Таҳлил натижаларига кўра, республикамизга техник регламентга мувофиқ транспорт тури маъқулланмаган енгил автомобилларнинг импорт қилингани сабабли, уларнинг синовлари бирма-бир ўтказилишига сабаб бўлган.
2024 йилгача фақатгина 3 та дилерлик марказлари фаолият юритган бўлса, улар атига 15 та автомодел учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган эди холос.
Ҳозирги кунда эса, 21 та хорижий компанияларнинг расмий дилерлари ўз фаолиятини бошлади ва 100 дан ортиқ автомобиль русумларига турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилди. Бу сертификатланган автомобилларни тизимли етказиб беришни йўлга қўйиш ва харидорлар учун танловни кенгайтириш имконини берди.
Агентлик маълумотларига кўра, расмий дилерлар ва хизмат кўрсатиш марказлари сонининг ўсиши синов полигонида синов ўтказиш амалиётини кераксиз қилиб қўйган. Импорт қилинган автомобилларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш давом эттирилади. Истеъмолчилардан эътирозлар келиб тушганда ушбу автомобилларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.
Агентлик фуқароларга автомобилларни фақат расмий дилерлардан сотиб олишни тавсия қилади.