Ўзбекистон Олий суди раиси Ханчжоу шаҳрида Хитой Олий халқ суди раҳбари билан музокара ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Ханчжоу шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси Чжан Цзюнь билан учрашди.
Икки мамлакат Олий судлари ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот давомида тарафлар суд-ҳуқуқ соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар яратилганлигига алоҳида эътибор бериб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Хусусан, судларнинг ихтисослашуви, суд тизимида замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш ва шу каби бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.
2024 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси Олий судлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши ҳамда икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга мустаҳкам замин яратаётганлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида Хитойнинг электрон савдоларга оид ишлар бўйича интернет-суд ҳамда суд жараёнларида сунъий интеллектдан фойдаланишга доир амалиёти ҳақида сўз юритилиб, суд фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.