Ўзбекистон Олий Мажлисининг Араб парламенти билан ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Араб парламенти Раиси Муҳаммад Аҳмад Ал-Ямаҳ билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон парламентининг араб давлатлари парламентлари билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш, аввало, қонун ижодкорлиги, парламент назорати, парламентларнинг қўмиталари ўртасида мунтазам мулоқотни фаоллаштириш ва ўзаро ташрифларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, аёл етакчилар учун алоҳида форум ўтказиш, Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Араб парламенти ўртасида англашув меморандумини имзолаш, дўстлик гуруҳини ташкил этиш ҳамда ижтимоий соҳада лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида биргаликда ишлашга келишиб олинди.