Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Конгресс фаолиятини ўрганиш учун АҚШга ташриф буюрди
Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Конгресс фаолиятини ўрганиш учун АҚШга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари О. Маматкаримов, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари С. Абдикаримова ҳамда Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси З. Бекатова Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси таркибида АҚШга ташриф буюрди.
Делегациянинг ташрифи АҚШ Конгресс кутубхонаси қошидаги парламент дипломатиясини ривожлантиришга ихтисослашган “Очиқ дунё” етакчилик маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Сенаторлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари АҚШ Конгресси фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳамда соҳавий сиёсат йўналишлари билан яқиндан танишмоқда.
Ташриф АҚШ Конгрессининг Жеймс Мэдисон номидаги кутубхонасида бўлиб ўтган танишув учрашуви билан бошланди. Шунингдек, “Очиқ дунё” дастурининг мақсад ва вазифаларига бағишланган семинар ҳамда “Америка федерализми: АҚШ Конгресси қандай ишлайди” мавзусида маъруза ташкил этилди.
Шу билан бирга, делегация аъзолари АҚШ Капитолий биносида бўлиб, конгрессмен ва сенаторлар билан, жумладан, Марказий Осиё бўйича қуйи қўмита ҳамда рақамли активлар, молиявий технологиялар ва сунъий интеллект масалалари бўйича қуйи қўмита вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар давомида бугунги кундаги долзарб йўналишлар, соҳалардаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Конгресс аъзолари билан бўлиб ўтган учрашув давомида икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, бюджет, энергетика ва савдо қўмиталари фаолияти, энергетика соҳасидаги янгиликлар, иқлим ўзгаришига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда ушбу йўналишларда қабул қилинаётган қонунлар ҳақида маълумот берилди.