Ўзбекистон Netsweeper билан болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистон Netsweeper билан болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШга амалга оширилган хизмат сафари доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Канаданинг Netsweeper компанияси бош техник директори Лоу Эрделй билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда интернет маконида хавфсизликни кучайтиришга қаратилган ечимларни жорий этиш, айниқса, болалар ва ёшларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Жумладан, мактаблар ва олий таълим муассасаларида ёшлар учун мос контентни фильтрлаш тизимларини босқичма-босқич жорий этиш, сунъий интеллект асосида контентни таснифлаш ҳамда хавфли ахборот оқимларини эрта аниқлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, телекоммуникация операторлари учун тармоқ даражасида контентни бошқариш бўйича техник ечимлар, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқликни таъминлаш ва фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан фикр алмашилди.
Тизимларнинг шаффоф ишлаши, хавфсизлик стандартларига мослиги ҳамда жорий этиш жараёнида ташкилотлар ва операторлар ўртасидаги ҳамкорлик механизмларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, рақамли саводхонлик ва кибер маданиятни ривожлантириш, ёшлар ўртасида онлайн хавфсизликни тарғиб қилиш, амалий тренинглар ва таълим дастурларини ташкил этиш йўналишларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар интернет маконидан масъулиятли ва хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.