Ўзбекистон Марказий банки насия савдосига бағишланган шарҳни эълон қилди.
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнгги йилларда Ўзбекистонда насия савдоси оммалашиб бораётган янги феноменлардан бири бўлиб, бир томондан, уй хўжаликлари истеъмолининг ошишига ва аҳолининг узоқ муддатли товарларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилса, бошқа томондан, насия орқали харид қилиш амалиёти аҳоли (яширин) қарз юкининг юқори шаклланишига ва молиявий барқарорлик билан боғлиқ хатарларнинг ортиб боришига олиб келиши мумкин.
Хусусан, Google платформасида “насия” сўзининг (лотин ва кирилл алифбосида) қидирувлари 2021 йил охиридан бошлаб ўсувчан тенденцияни намоён этиб, айниқса, “nasiya” сўзи (лотин алифбосида ёзилгани) бўйича қидирувлар аниқ ва юқори ўсувчан трендни кўрсатмоқда. Бу қидирувлар асосан ёшлар томонидан амалга оширилаётганлиги ва насия савдога кўпроқ ёшлар қизиқишбилдираётганини хулоса қилиш мумкин.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) кредит бюроси билан шартнома тузган чакана савдо корхоналари сони 307 тани (бундан 53 таси ЯТТ)ташкил этмоқда.
Ҳудудлар кесимидамазкур корхоналарнинг 36,2 фоизи Фарғона вилоятида, 23,2 фоизи Тошкент шаҳрида, 12,6 фоизи Наманган вилоятида, 7,5 фоизи Андижон вилоятида ҳамда 5,5 фоизи Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган.
Паст кўрсаткичлар Сирдарё (1,2 фоиз), Жиззах (0,8 фоиз) ва Сурхондарё (0,4 фоиз) вилотларига тўғри келмоқда. Ҳудудлардаги мазкур тақсимланиш ушбу ҳудудлардаги аҳоли сони, даромадлари ҳамда аҳолининг қарашларидан келиб чиқиб юзага келаётган бўлиши мумкин.
Иқтисодий фаолият турлари (ИФУТ-2 бўйича) кесимида КАТМ тизимига уланган корхоналарнинг 37 фоизи маиший техника товарлари чакана савдоси, 25 фоизи – ихтисослашмаган дўконларда бошқа товарлар чакана савдоси (бир нечта турдаги товарлар савдоси), 11 фоизи – ахборот ва коммуникация ускуналарисавдоси ҳамда 8 фоизи мебель ва маиший жиҳозлар савдоси фаолияти билан шуғулланмоқда.
Шунингдек, мазкур корхоналар тушумларидаги йиллик тенденциялар барқарор ва сезиларли ўсишни кўрсатмоқда. Хусусан, 2018 йилда тушумлар 8,1 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб ушбу кўрсаткич 201,3млрд сўмга етган (қарийб 25 баробар).
Таъкидлаш жоизки, тушумлар ҳар 1-2 йилда деярли икки баробарга ошиб борган. Айниқса, 2022-2023 йиллар оралиғида (қўшимча 35 млрд сўм) ва 2023-2024 йиллар оралиғида (қўшимча 94 млрд сўм) катта ўсиш қайд этилган. Бундай ўсиш насия савдонинг оммалашиб бораётганлиги ҳамда насия асосида таклиф этилаётган товар ва хизматлар хилма-хиллигининг кенгайиб бораётганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, сўнгги 7 йилда бўлиб тўлаш сегментининг жадал ривожланиши фонида насия савдо ташкилотлари томонидан жалб қилинган банк кредити маблағлари ҳажми 2018 йилдаги 22,3 млрд сўмдан 2024 йилда 1 169,8 млрд сўмгача ёки 52 баробарга ошди.
2018-2024 йилларда жалб қилинган банк кредит ставкалари ўсувчан тенденцияни намоён этиб, ўртача йиллик фоиз ставкалари 18,7 фоиздан 21,7 фоизгача ошган.
Насия истеъмолчиларининг жинси ва ёши бўйича тақсимланишини аниқлаш мақсадида насия савдоси билан шуғулланувчи 2 та ташкилот танлаб олиниб, улар бўйича танланма таҳлил ўтказилди. Таҳлилларга кўра, насия хизматлари истеъмолчиларининг аксар қисми 35 ёшгача бўлган аҳоли (63 фоиз) – эркаклар 72 фоиз ва аёллар 53 фоизни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, 2024 йилда юқоридаги насия ташкилотларидаги жами мижозлар сони 1,9 млн кишини (1,1 млн эркаклар, 0,8 млн аёллар) ташкил этиб, бунда фақат битта насия ташкилоти (уникал) фойдаланувчилари сони 1,7 млн кишига тўғри келган.
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, юқорида қайд этилган уникал фойдаланувчиларнинг 777,5 минг нафарида қўшимча равишда банк кредитлари бўйича қарздорликлари мавжуд бўлиб, ушбу қарздорларнинг асосий қисми (68,7фоиз) микроқарзлар хизматидан фойдаланган.
Энг юқори ўртача шартнома суммаси 51-65 ёш гуруҳига тўғри келиб, ушбу гуруҳдаги эркакларда – 2,0 млн сўм, аёлларда – 1,7 млн сўмни ташкил этмоқда. Ёш – 18-25 ёшдаги аҳолида – ўртача шартнома миқдори 900минг сўм атрофида шаклланган.
Насия истеъмолчиларининг ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти – жами 27 фоиз, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари 9 фоиздан тўғри келиб, энг паст улуш Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида – 4 фоиздан ва Сирдарё вилоятида 3 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, ҳудудлар кесимида ўртача шартнома миқдори Сурхондарё вилояти (1,6 млн сўм) ва Хоразм вилоятида (1,4 млн сўм) юқори, Тошкент ва Бухоро вилоятларида – 1,2 млн сўм ҳамда Фарғона вилоятида 1,1 млн сўм атрофида паст шаклланган.
Умуман олганда, насия бўйича бир кишига тўғри келадиган юқори қарздорлик ёш гуруҳлари кесимида 36-50 ёшли аҳолида – 4,2 млн сўм, паст 18-25 ёшли аҳолида – 2,9 млн сўмни ташкил этмоқда. Шунингдек, ҳудудлар кесимида мазкур кўрсаткич Тошкент шаҳрида юқори – 5,5 млн сўм шаклланиб, республика бўйича ўртача кўрсаткичдан (3,7 млн сўм) деярли 1,5 баробарга кўп.
2023-2024 йилларда шартномалар сони 2023 йил февраль ойидаги 13,5 мингдан 2024 йил декабрь ойида 973минггача ошди (72,6 баробар) ва мазкур даврда ўртача шартнома миқдори барқарор 1,2 млн сўм атрофида шаклланиб келган.
Шу билан бирга, 2024 йилда бир кишига 3 та шартнома тўғри келган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 2 тани ташкил этган. Бунда Тошкент шаҳрида мазкур кўрсаткич 4 тани ташкил этиб, Наманган ва Андижон вилоятларида 2 тадан тўғри келмоқда.
Насия истеъмолчиларининг 52,1 фоизида (971 минг киши) 1 та насия шартномаси, 17,7 фоизида (330 минг киши) – 2 та шартнома расмийлаштирилган бўлса, 4,4 фоизида ёки 82 минг кишида 10 та шартномадан кўпроқ.
Ўзбекистондаги насия бозоридаги ҳолатни ўрганиш мақсадида энг оммабоп электроник товарлардан бири сифатида iPhone 16 Pro Max (256 GB) мобил телефони танлаб олиниб, мазкур товарнинг маиший техника дўконларидаги нархлари, бўлиб тўлаш шартлари бўйича нарх шаклланиши ва уларга қўшимча устамаларнинг қандай қўшилиши, шунингдек, ушбу товарнинг банк кредитига тўғри келадиган фоиз ставкалари ўрганилди.
Таҳлилларга кўра, агар товар 12 ойлик тўлов режаси билан насияга сотиб олинса, дўкон ва насия таъминотчиларига қараб, товарнинг умумий қийматига 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача (ўртача 39,6 фоиз) устама қўшилади. Бундан ташқари, товар учун ортиқча тўлов банк фоиз ставкаси эквивалентида ҳисобланганда, ушбу ставкалар 47,1 фоиздан 73,8 фоизгача (ўртача 66,5 фоиз) бўлган оралиқни ташкил қилади.
Умуман олганда, танланган товар банк кредити (микрокредит – 24,7%, микроқарз – 40,3% ва овердрафт – 24,8%)25 орқали сотиб олинганда, ортиқча тўлов суммаси 14-23 фоиз атрофида ёки ўртача 17 фоизни ташкил этган бўларди.
Таъкидлаш жоизки, жадвалдаги танланма товарни таклиф этаётган дўконларда товарнинг дастлабки нархи ҳам бозордаги ўртача нархга нисбатан юқорироқ белгиланган. Масалан, iPhone 16 Pro Max мобил телефони бозордаги нархи ўртача 17 млн атрофида сотилса (1 310 доллар), юқоридаги дўконларда унинг нархи 18 -23млн сўм оралиғида шаклланган.
Шунингдек, дастлабки тўловни ўз ичига олувчи насия савдосининг бошқа тури ҳам мавжуд. Масалан, “Brostore.uz” маиший техника дўконида юқорида танланган товар нархи 17 770 000 сўмни, дастлабки тўлов эса 30 фоизни, яъни 5 331 000 сўмни ташкил этади. Қолган 12 439 000 сўм 12 ойга бўлиб тўланса, ойлик тўлов миқдори 1 805 254 сўмни, товарнинг умумий қиймати эса 26 994 050 сўмни ташкил қилади, бу эса 51,9 фоизлик ортиқча тўловга тенг (маълумотлар 2024 йил декабрь ойи ҳолатига).
“Idea” дўконида маиший техникани ортиқча тўловларсиз насияга харид қилиш имконияти мавжуд бўлиб, насия муддати 6 ойни ташкил этади. Масалан, iPhone 16 Pro 128GB ушбу дўконда 21 990 000 сўм нархда таклиф этилиб, 6 ойга бўлиб тўланганида ойлик тўлов 3 665 000 сўмни ташкил қилади. Бироқ, товарнинг нархи бозордаги ўртача нархга (14,4 млн сўм) нисбатан 52,4 фоизга юқорироқ белгиланган (маълумотлар 2024 йил декабрь ойи ҳолатига).
Дунё бўйлаб насия тўлов схемаларининг оммалашиб бориши ва улар билан боғлиқ хатарларнинг ортиши фонида кўплаб хорижий марказий банкларда ушбу сегментни тартибга солиш зарурияти юзасидан қарашлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, насия бозори иштирокчиларини лицензиялаш, насия шартлари шаффофлигини ошириш, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ва маълумотлар алмашинуви тизимини жорий этиш каби масалалари кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистонда насия савдо хизматларининг оммалашуви мамлакатнинг иқтисодий ва рақамли трансформация жараёнларидаги муҳим тенденцияларидан бирига айланмоқда. Мазкур хизматлар, бир томондан, истеъмолни рағбатлантирса, бошқа томондан улар билан боғлиқ хатарлар – яширин қарз юкининг ўсиши, тартибга солиш механизмларининг етарли даражада шаклланмагани шароитида ушбу сегментнинг молиявий барқарорликка салбий таъсирининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда дастлабки тадқиқот натижаларига кўра, фойдаланувчиларнинг аксарияти 35 ёшгача бўлиб, кўп ҳолларда бир вақтнинг ўзида бир нечта насия шартномаларига эга. Шунингдек, товар нархларига қўшилаётган устамалар банк кредитлари билан солиштирилганда нисбатан юқорироқ даражада шаклланган.
Мамлакатимизда насия хизматлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш ҳамда мазкур сегментнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида насия бозори фаолиятини ҳуқуқий ва молиявий тартибга солишнинг аниқ механизмларини жорий этиш долзарб вазифа сифатида қаралиши лозим.