Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 21/06/2025 Ўзбекистон маҳсулотлари Мўғулистон орқали Япония ва Жанубий Корея бозорларига чиқиши мумкин

Ўзбекистон маҳсулотлари Мўғулистон орқали Япония ва Жанубий Корея бозорларига чиқиши мумкин

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги саноат кооперацияси янги босқичга кўтарилмоқда. Географик яқинлик, хомашё ресурслари ва қайта ишлаш салоҳиятини самарали уйғунлаштириш орқали икки мамлакат минтақавий бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга интилмоқда.

Шу мақсадда, «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси Акбар Султонов бошчилигидаги делегациянинг Мўғулистонга амалга оширган ишбилармонлик ташрифи доирасида қатор истиқболли музокаралар ташкил этилди.

Ташрифнинг энг эътиборга молик жиҳатларидан бири – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган желатин ва протеин маҳсулотларига Мўғулистон компаниялари томонидан билдирилган қизиқиш бўлди. Музокаралар чоғида мазкур маҳсулотларни Мўғулистон орқали Жанубий Корея ва Япония бозорларига реэкспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бу нафақат Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозор эшикларини очади, балки уларни халқаро таъминот занжирига улашда ҳам муҳим ўрин тутади. Мўғулистоннинг Осиё–Тинч океани минтақасига яқин жойлашуви, божхона имтиёзлари ва логистика имкониятлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар билан уйғунлашиб, экспорт жараёнини янада самарали қилиш имконини яратади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Улан-Батор шаҳридаги “ECO Industrial Zone” иқтисодий ҳудудида ҳам бўлиб, мазкур ҳудуддаги инфратузилма, логистика, энергетика таъминоти ва инвестиция муҳити билан яқиндан танишди.

Ушбу ҳудудда жунни қайта ишлаш ва ундан тайёр толалар ишлаб чиқариш йўналишида Ўзбекистон корхоналари билан аутсорсинг асосида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Бу эса икки давлатнинг ишлаб чиқариш имкониятларини бирлаштирган ҳолда жаҳон бозорига янги маҳсулот турлари билан чиқиш учун асос яратади.

Ташриф давомида гўшт ва хом тери етиштирувчи Мўғулистон компаниялари билан ҳам икки томонлама алоқалар ўрнатилди. Бу ташаббус келгусида Ўзбекистон чарм саноатини хомашё билан барқарор таъминлаш, хомашё манбаларини географик диверсификация қилиш ва таннархни оптималлаштириш имконини беради.

Мўғулистон орқали Жанубий Корея ва Япония бозорларига чиқиш бўйича муҳокама қилинган имкониятлар — Ўзбекистон саноати учун стратегик аҳамиятга эга. Желатин, протеин, жун ва чарм каби маҳсулотларни қайта ишлаш, кластерлар яратиш ва реэкспортни ташкил этиш — бугунги глобал иқтисодиётда рақобатбардош бўлишнинг муҳим қадами саналади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг