Ўзбекистон KfW билан сув инфратузилмасини модернизация қилишни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Германия тараққиёт банки (KfW — “Kreditanstalt für Wiederaufbau”) делегацияси вакиллари билан учрашди.
Германиянинг KfW банки давлат ривожлантириш банкларидан бири бўлиб, у иқтисодий тараққиёт, ижтимоий ва экологик барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш хизматларини тақдим этади.
KfW делегацияси таркибида Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё департаменти директори Вероника Гарция Дел Арко, КфВънинг Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё бўйича ҳудудий ваколатхонаси директори Петар Георгиев ҳамда Марказий Осиёдаги КфВ ҳудудий ваколатхонаси лойиҳа координатори Малик Мухитдинов учрашувда иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва устувор йўналишлари, жумладан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Сув инфратузилмасини модернизация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қўшма мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрликларини тасдиқлади.