Ўзбекистон карбамидни САSСА+ йўналиши бўйича Европага экспорт қилишни бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекистон-Европа» йўналишида контейнер ташувларини кенгайтириш доирасида «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ Сергели логистика марказидан Италия, Греция ва Болгария денгиз портларига карбамидни контейнерларда жўнатишни ташкил этди.
39 та қирқ футли контейнердан иборат поезд САSСА+ йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб, Грузиянинг Поти порти орқали ўтади ва Бургас (Болгария), Пирей (Греция), Неапол ва Специя (Италия) портларига етказилади. Ўртача транзит вақти 25-30 кунни ташкил этади.
Бу қадам Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини кенгайтиради, мамлакатнинг жаҳон бозорларидаги ўрнини мустаҳкамлайди ҳамда маҳсулотларни етказиб беришнинг тез, хавфсиз ва рақобатбардош шароитларини яратади.