Ўзбекистон ЖСТ билан хусусийлаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 4 ноябрь куни Женева шаҳридаги Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) штаб-квартирасида “Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари ва ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш: хусусий секторни ривожлантириш ва давлат ролини қайта белгилаш” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Тадбир ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши олдидан ташкил этилди.
Семинарда Давлат активлари агентлиги, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки вакиллари ва қатор халқаро экспертлар иштирок этиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган барқарор ва изчил иқтисодий ислоҳотлар натижалари муҳокама қилинди.
Давлат активлари агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев ўз чиқишида хусусийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва жадаллаштириш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг натижалари, давлат активларини сотиш жараёнлари тўлиқ очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилаётганлиги, инвесторлар учун тенг ва соғлом рақобатга асосланган шарт-шароитлар яратилганлиги тўғрисида маълумот берди.
2021 йилдан буён хусусийлаштириш жараёнлари халқаро молия институтлари ва стратегик ҳамкорлар билан яқин ҳамжиҳатликда олиб борилмоқда. Натижада “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида” ҳамда “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш соҳасидаги ҳуқуқий база энг илғор хорижий тажриба асосида замонавий талабларга мос равишда такомиллаштирилди. Бу эса шаффофлик, ҳисобдорлик ва рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
“Бизнинг вазифамиз давлат активларини самарали бошқариш орқали уларнинг қийматини ошириш ва муваффақиятли хусусийлаштириш жараёнларини амалга ошириш асосида иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш орқали хусусий сектор учун янги имкониятлар яратишдан иборат”, — дея таъкидлади Алишер Миралиев.
Жаҳон банки вакили ўз маърузасида 2017 йилдан буён амалга оширилаётган иқтисодий янгиланишлар натижасида Ўзбекистон барқарор ўсиш ва рақобатбардошлик йўлига қадам қўйганини таъкидлади. Шунингдек, мамлакат сўнгги саккиз йил ичида дунёдаги энг тез ислоҳотчи давлатлардан бири сифатида эътироф этилгани қайд этилди.
“Давлат иштирокидаги корхоналар ислоҳотини чуқурлаштириш ва хусусий сектор учун тенг имконият яратиш мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва ЖСТга самарали интеграцияси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга,” — деди Жаҳон банки вакили.
Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая ўз маърузасида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон давлат секторига таянадиган иқтисодиётдан рақобатбардош бозор иқтисодиётига изчил ўтмоқда ва ЖСТга аъзо бўлиш бу жараённи янги босқичга олиб чиқади.
“Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш Ўзбекистон иқтисодиётидаги тузилмавий ўзгаришларнинг марказида турибди. Ҳар бир хусусийлаштирилган корхона тадбиркорлик ва инновация учун янги имконият яратади,” — деди Канокпан Лао-Арая.
Тадбирда қайд этилганидек, 2021–2025 йилларга мўлжалланган “Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси” доирасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Стратегия доирасида давлат иштирокидаги корхоналар сони 67 фоизга камайди. Бу иқтисодиёт секторларида давлат иштирокининг қисқариши ва хусусий сектор улушининг ортишига хизмат қилмоқда.
Халқаро экспертлар фикрича, хусусийлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар фақат иқтисодий эмас, балки институционал барқарорлик ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро майдонда нуфузини ошириш нуқтайи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.