Ўзбекистон ЖЧ-2026даги K гуруҳидаги учинчи рақибини билди
Ўзбекистон ЖЧ-2026даги K гуруҳидаги учинчи рақибини билди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидаги учинчи рақибини билиб олди.
Ямайка ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўртасида саралаш плей-офф баҳси якунланди. Учрашувнинг асосий вақти 0:0 ҳисобида тугади. 100-дақиқада Аксел Туанзебе ягона голни киритиб, Конго ДР жамоасини мусобақанинг финал босқичига олиб чиқди.
Шу тариқа, ЖЧ-2026нинг K гуруҳи қуйидагича шаклланди: Ўзбекистон, Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси.
Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўйинни 18 июнь куни Мехикода Колумбияга қарши ўтказади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 08:00 да бошланади. Иккинчи беллашув 23 июнь куни Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтади, унда рақиб Португалия бўлади. Ўйин соат 23:00 да старт олади.
Якуний учрашув 28 июнь куни Атланта шаҳридаги «Mercedes-Benz Stadium» стадионида ўтказилади. Конго Демократик Республикасига қарши баҳс Тошкент вақти билан соат 04:30 да бошланади.
2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар, жами 39 кун давом этади. Плей-офф формати ҳам ўзгарган: 1/16 финалга ҳар бир гуруҳдан икки энг яхши жамоа билан бирга учинчи ўринни эгаллаган саккизта жамоа ҳам йўл олади. Натижада плей-оффнинг биринчи босқичида 32 та жамоа иштирок этади.