Валюта курслари 06/11/2025
$1 – 11970.67
UZS – 0.17%
€1 – 13748.31
UZS – 0.03%
₽1 – 147.59
UZS – -0.07%
Қидириш
Ўзбекистон Жаҳон банки ва Халқаро тараққиёт агентлигидан қўшимча ёрдам олади

Ўзбекистон Жаҳон банки ва Халқаро тараққиёт агентлигидан қўшимча ёрдам олади

Ўзбекистон Жаҳон банки ва Халқаро тараққиёт агентлигидан қўшимча ёрдам олади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўтган ҳафта Жаҳон банкининг ривожланиш мақсадларида молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти Акиҳико Нишионинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўлиб ўтди.

Ўз лавозимида у Жаҳон банкининг молиявий ресурсларини сафарбар этиш, жумладан, Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) маблағларини бошқариш учун масъулдир. ХТА паст даромадли мамлакатларга имтиёзли молиялаштириш ва грантлар тақдим этади.

Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида ХТА молиявий кўмагининг энг йирик олувчиларидан биридир. Ҳозирда ҳукумат томонидан Жаҳон банки кўмагида иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган 25 та лойиҳа умумий қиймати қарийб 5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи ХТАнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажй Бенҳассине ҳамроҳлигида Акиҳико Нишио Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Кучкаров билан самарали музокаралар ўтказди.

Томонлар Ўзбекистонда ХТА томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёнини, шунингдек, ҳукуматнинг иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилма дастурларини амалга оширишда Жаҳон банкининг кейинги ёрдамини муҳокама қилдилар.

Акиҳико Нишио, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этди. Унда турли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашдилар.

Иштирокчилар ХТАнинг имтиёзли молиялаштируви турли мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларининг муваффақиятли амалга оширилишига кўрсатган ижобий таъсирини, шунингдек, ХТАнинг Ўзбекистон билан ушбу соҳадаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг