Ўзбекистон ИССВ ва Халқаро Вестминстер университети ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича меморандум имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ИССВда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети билан Ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Ҳужжатга Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори Комилжон Каримов имзо чекди.
Меморандум кадрлар тайёрлаш соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, замонавий талаблар асосида таълим ва илмий ташаббусларини ривожлантиришга қаратилган.
Томонлар қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар. Бунга вазирлик мутахассислари иштирокида талабалар амалиётини ташкил этиш, қўшма илмий тадқиқотларни ўтказиш ва уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш киради.
Шунингдек, ўқув режаларини ишлаб чиқиш, замонавий ўқув ва илмий материаллар яратиш, малакали мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Меморандумнинг имзоланиши талабаларга амалий кўникмаларни ривожлантириш ва ишга жойлашиш учун янги имкониятлар яратади. Ушбу ҳамкорлик томонларнинг илмий ва амалий салоҳиятини бирлаштиришга, таълим жараёнининг сифатини оширишга ҳамда мамлакатнинг кадрлар ва инновацион салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.