Ўзбекистон иқтисодиётига Хитой инвестициялари 2026 йилга келиб 21 миллиард долларгача ўсиши мумкин
Ўзбекистон иқтисодиётига Хитой инвестициялари 2026 йилга келиб 21 миллиард долларгача ўсиши мумкин
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 3 март куни Тошкент шаҳрида ХХРнинг Шенси провинцияси делегацияси иштирокида Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда 70 дан ортиқ хитой компаниялари ва молиявий институтлари, шунингдек Ўзбекистон бизнеси ва тегишли идоралар вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон томонидан ИССВ вазири ўринбосари Илзат Касимов, Хитой томонидан эса Шенси провинцияси губернатори ўринбосари Ли Жун иштирок этди. Форумда, шунингдек, ХХРнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ю Жун ҳам қатнашди.
2025 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми 34 фоизга ошиб, 17,8 миллиард АҚШ долларига етди. Яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганлиги таъкидланди. Ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми 15,8 миллиард долларни ташкил этиб, 2026 йилда уни 21 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатлар энергетика, саноат, кимё, машинасозлик, тўқимачилик, логистика, ИТ ва «яшил» иқтисодиёт соҳаларида 58,8 млрд долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширмоқда.
«Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли янги Евросиё транспорт йўлагининг муҳим бўғини сифатида аҳамияти таъкидланди. Форум эса аниқ молиявий кўрсаткичларга эга бўлган йирик лойиҳаларни амалий босқичда амалга ошириш жараёнига ўтилаётганини тасдиқлади.