Валюта курслари 24/11/2025
$1 – 11971.40
UZS – 0.48%
€1 – 13797.04
UZS – 0.45%
₽1 – 151.81
UZS – 2.39%
Қидириш
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитойнинг хавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш тажрибасини ўрганди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитойнинг хавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш тажрибасини ўрганди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитойнинг хавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш тажрибасини ўрганди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитой Халқ Республикасига амалий ташриф уюштириб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, замонавий технологияларни амалиётига татбиқ этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасида Хитойнинг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида қатор учрашув ва амалий тадбирларда иштирок этди.

Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали мулоқот ва тажриба алмашинуви амалга оширилди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун жаноблари билан икки томонлама учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Хитойнинг Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, трансмиллий ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф дастурига биноан мамлакатимиз делегацияси Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги (ХХР ЖХВ)нинг Биринчи тадқиқот институтида бўлиб, у ерда хавфсизлик соҳасида татбиқ этилаётган илмий-амалий ишланмалар, рақамли технологиялар ва ахборот базаларини бошқариш тизимлари билан батафсил танишдилар.

Институт мутахассислари томонидан Ўзбекистон делегациясига қўлланилаётган инновацион дастурий таъминот, интеллектуал видеоанализ, қидирув ва тезкор-қидирув фаолиятига оид ишланмалар каби йўналишлардаги ютуқлар ҳақида тақдимот ўтказилди.

ХХР ЖХВ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармасига ташриф ҳам муҳим нуқталардан бири бўлди. Бошқарма раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда глобал даражада ўсиб бораётган киберҳужумлар, электрон фирибгарлик, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва рақамли иқтисодиётни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Хитой томони ўзларининг кибер таҳдидларни эрта аниқлаш платформалари, электрон тўловлар соҳасидаги фирибгарликка қарши технологиялари, интернет мониторинги ҳамда таҳдидлар хатарини баҳолаш тизими каби илғор ечимларини намойиш этди. Ўзбекистон делегацияси вакиллари мазкур амалиётларни мамлакатимиз киберхавфсизлик тизимини такомиллаштиришда қўллаш имкониятларини муҳокама қилди.

Тадбир давомида делегация Пекин шаҳар Жамоат хавфсизлиги бюросининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва тергов ишлари марказида ҳам бўлиб, у ерда жиноят ҳодисаларини рақамли моделлаштириш, криминалистик экспертизаларнинг янги турлари, ҳужжатлар ва аудио-видео далилларни автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш каби замонавий технологиялар билан яқиндан танишдилар.

Бундан ташқари, ХХР Жамоат хавфсизлиги университетига ташриф амалга оширилиб, кадрлар тайёрлашнинг замонавий моделлари, ўқув курслари, амалий машғулотларни ташкил этиш тажрибаси ўрганилди.

Ташрифнинг кейинги босқичи Хитойнинг Гуандун провинциясида ўтди. Провинция Жамоат хавфсизлиги департаментида делегацияга ҳудудий хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибига бўлган таҳдидларни мониторинг қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш ва тезкор марказларни бошқариш тизимлари ҳақида ахборот берилди.

Шэньчжэнь шаҳрида эса делегация замонавий техник йўналишларнинг қатор муҳим объектларини кўздан кечирди, Учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмаси — дронлардан қутқарув амалиётлари, жиноятларни аниқлаш ва профилактика ишларида фойдаланиш тартиби Полиция авиация бошқармаси — ҳаво патрулининг имкониятлари, бошқарув маркази, тезкор мониторинг тизимлари ҳамда Киберфирибгарликка қарши марказ — рақамли таҳдидлардан муҳофаза қилишнинг юқори технологияли ечимлари.

Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси 15-Бутун Хитой спорт ўйинларининг ёпилиш маросимида иштирок этиб, оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлашнинг йирик масштабли модели билан танишдилар.

Ташрифнинг якуний қисмида делегация “Huawei” компаниясининг “Songshan Lake” илмий-технологик кампусида бўлди. Компания мутахассислари томонидан интеллектуал назорат ва мониторинг платформалари, ахборот хавфсизлиги ечимлари, полиция тизими учун рақамли бошқарув платформалари, жамоат хавфсизлиги соҳасидаги сунъий интеллект технологияларининг барча имкониятлари намойиш этилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегациясининг мазкур ташрифи икки мамлакат ўртасида хавфсизлик соҳасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиб, амалий тажриба ва илғор технологиялар мамлакатимизда жорий этишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг