Валюта курслари 19/06/2025
$1 – 12618.63
UZS – -0.39%
€1 – 14516.47
UZS – -0.85%
₽1 – 160.83
UZS – -0.2%
Қидириш
Ўзбекистон 12/05/2025 Ўзбекистон гуманитар ёрдам доирасида Афғонистонга уруғлик маҳсулотлар партиясини етказиб берди

Ўзбекистон гуманитар ёрдам доирасида Афғонистонга уруғлик маҳсулотлар партиясини етказиб берди
 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Афғонистон қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига гуманитар ёрдам сифатида қишлоқ хўжалик экинлари уруғликлари юборилди.

Қўшни мамлакатни қўллаб-қувватлаш доирасида маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган 5 тонна пахта уруғи топширилди, бу 200 гектар майдонда экин экиш имконини беради. Шунингдек, 100 гектар майдон учун етарли бўлган 20 тонна шоли уруғи, 25 гектар учун 500 кг мош уруғи, 600 кг полиз экинлари уруғи ва 187 кг сабзавот уруғлари ҳам тақдим этилди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, ушбу ёрдам Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ жойларда бандлик даражасини ошириш ва замонавий аграр технологияларни жорий этишга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилган.

Аввалроқ, апрель ойида, Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Отаулло Умар бошчилигидаги делегация Тошкент вилоятининг Зангиота ва Янгиюл туманларидаги аграр корхоналар, ҳамда Самарқанд вилоятидаги агрокластерларга ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги тажрибаси билан танишган эди.

Шунингдек, жорий йил март ойида ҳам Ўзбекистон Наврўз ва Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистонга қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулотини ўз ичига олган гуманитар ёрдам йўллаган эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг