Валюта курслари 30/12/2025
$1 – 12025.33
UZS – -0.27%
€1 – 14162.23
UZS – -0.21%
₽1 – 155.25
UZS – 0.06%
Қидириш
Ўзбекистон глобал B-Ready 2025 ҳисоботида юқори натижаларни кўрсатмоқда

Ўзбекистон глобал B-Ready 2025 ҳисоботида юқори натижаларни кўрсатмоқда

Ўзбекистон глобал B-Ready 2025 ҳисоботида юқори натижаларни кўрсатмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки гуруҳи томонидан мамлакатларда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини баҳолашга қаратилган янги глобал ташаббус — “Business Ready” (B-Ready) ҳисоботининг навбатдаги натижалари эълон қилинди.

B-Ready ҳисоботи мамлакатларни тўртта босқичдан иборат кетма-кетликда 100 баллик тизимда баҳолаб, 2027 йилга келиб жами 179 та мамлакатни қамраб олади.

Маълумот учун, биринчи босқичда (2024 йил) 50 та, иккинчи босқичда (2025 йил) — 51 та (Ўзбекистон Республикаси ушбу босқич доирасида ўрганилган), учинчи босқичда (2026 йил) — 63 та ва тўртинчи босқичда (2027 йил) қолган 15 та мамлакат баҳоланади.

Жорий йилда эълон қилинган B-Ready – 2025 ҳисоботида 101 та мамлакатдаги бизнес юритиш шароитлари баҳоланган бўлиб, жумладан Ўзбекистон Республикасининг 3 та йўналиш ва 10 та индикатор бўйича кўрсаткичлари илк маротаба эълон қилинди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси амалиётнинг осонлиги (71,80 балл) бўйича 1-гуруҳ (80–100 фоиз, юқори даража), норматив-ҳуқуқий база (69,52 балл) ва давлат хизматлари (65,12 балл) бўйича эса 2-гуруҳ (60–80 фоиз, ўртадан юқори) мамлакатлари қаторидан жой олди.

Мамлакатимиз бизнес очиш индикатори бўйича 1-гуруҳга, 7 та индикатор бўйича (бизнесни жойлаштириш, коммунал хизматлар, меҳнат ресурслари, молиявий хизматлар, халқаро савдо, солиққа тортиш, низоларни ҳал қилиш) — 2-гуруҳга, шунингдек, бозор рақобати ва бизнеснинг тўловга қобилиятсизлиги индикаторлари бўйича эса 3-гуруҳга киритилган.

Ҳар бир йўналиш ва индикаторлар бўйича кўрсаткичлар бешта гуруҳга (квинтилларга) ажратилган ҳолда шакллантирилади.

Умуман, бу йилги ҳисоботда Чехия (норматив-ҳуқуқий база — 80,73 балл), Корея Республикаси (давлат хизматлари — 80,22 балл) ва Сингапур (амалиётнинг самарадорлиги — 79,25 балл) энг юқори натижани қайд этган.

B-Ready ҳисоботи бизнес юритиш қулайлигини аввалги баҳолаш механизмларига нисбатан кенгроқ, чуқурроқ ва бизнес ҳамжамияти билан бевосита мулоқот қилиш орқали амалиётдаги бизнес жараёнларини ўрганишга қаратилган.

B-Ready ҳисоботи дунёнинг деярли барча минтақалари — Саҳрои Кабирдан жанубий Африка, Европа ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, Жанубий Осиё, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси, ИҲТТ (OECD)га аъзо юқори даромадли мамлакатлар ҳамда Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасини қамраб олган бўлиб, бу эса ўз навбатида қиёсий таҳлилни амалга ошириш имкониятини беради.

Тўпланган маълумотларни мунтазам янгилаб бориш мақсадида Жаҳон банки ҳар уч йилда Enterprise Surveys лойиҳаси орқали тадбиркорлар билан интервьюлар ўтказади, шунингдек, ҳар йили бевосита бизнес вакиллари, экспертлар ва масъул давлат органлари ўртасида сўровномалар тўлдирилишини ташкил этади.

Ҳар бир йўналишда рақамли технологиялардан фойдаланиш, экологик барқарорлик ва гендер инклюзивлик омиллари ҳам инобатга олинади.

B-Ready ҳисоботи методологияси 2024–2027 йилларда босқичма-босқич такомиллаштирилаётган бўлиб, ҳар йили Methodology Handbook янгиланиб эълон қилинмоқда. Бу эса мамлакатлар ўртасида холис ва солиштирма таҳлил ўтказилишини таъминлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг